The Soda Pop

Чемпионатнинг охирги учрашувида Тошкент дербисида жамоамиз "Бунёдкор" билан голсиз дурангга имзо чекди.

Дастлабки дақиқаларданоқ майдонда шиддатли кураш тус олди. Илк дақиқада Одил Аҳмедовнинг рейди самарасиз якунланган бўлса, 2-дақиқада Миладиновичнинг чамаси 30 метрлар узоқликдан белгиланган жарима зарбасидан фойдаланишга уриниши хавфли вазиятни содир этди. Кейин эса меҳмонлар Манзукаснинг бош билан йўллаган хавфли зарбаси билан бунга жавоб қайтаришди. Шундан сўнг ташаббус мезбонлар тарафига ўтди. Шу ўринда таркибларга ҳам қисқача тўхталсак. Равшан Ҳайдаров охирги ўйинлардаги одатий таркибдан Акмал Холмуродов ва Алишер Азизовнинг хизматидан фойдаланмади. Чунки ушбу футболчилар олимпия термаси сафида Туркиядаги йиғинда иштирок этишаётган эди. Уларнинг ўрнини Акбар Исматуллаев ва Владимир Козак эгаллади. Миржалол Қосимов эса Кападзени захирада қолдириб, Манзукасни асосий таркибда майдонга туширди.
8-дақиқада Шарофетдиновнинг узоқдан йўллаган кучли зарбаси йўлига ғов бўлган Нестеров 21-дақиқада Гейнрихнинг жаримадан тепган тўпини ҳам бир амаллаб майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди. Агар Игнатий бу зарбаларни бартараф этмаганди, "Пахтакор" биринчи таймнинг ярмига келибоқ камида икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олиши муқаррар эди. "Бунёдкор" эса бу лаҳзаларда асосий эътиборни ҳимояга қаратди. Мезбонларни қарши ҳужумларда "ушлаш" мамлакат чемпионларининг тактик услуби бўлган кўринади. Салдан кейин Козак бош билан берган зарба дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. У 6-7 метрлардан аниқ зарба беришнинг уддасидан чиқолмади. Мана шу ҳолатдан кейин тахминан 10 дақиқага яқин жамоалар темпни туширишди. Тайм охирида "Пахтакор" яна ҳужумга зўр берди ва бир неча марта зарба бериб, ҳисобни очишга уринди. Лекин Магдеев ва Аҳмедовнинг зарбалари ҳимоячилар томонидан қайтарилди. Шу тариқа биринчи тайм голсиз ниҳоясига етди.
Иккинчи бўлимни энди "Бунёдкор" футболчилари ҳам фаол тарзда бошлашди. Натижада кескин ҳолатлар энди "шерлар" дарвозаси олдида вужудга келди. Мелзиддиновнинг зарбаси ҳимоячиларга тегиб қайтган бўлса, Карпенконинг бош билан берган зарбасига аниқлик етишмади. "Пахтакор"нинг ҳужумлари эса кўпинча зарба йўллашгача етиб бормади. 55-70-дақиқалар оралиғида ташаббус меҳмонлар томонида ҳам бўлди дейиш мумкин. 72-дақиқада Мелзиддинов яқин масофадан ноқулай вазиятда зарба берди, лекин тўп ноаниқ йўналиш ҳосил қилди. Агар Руслан тўпга вақтлироқ улгурганда хотиржамлик билан ҳисобни очиши мумкин эди.
Ўйин тугашига беш дақиқа қолганда Аҳмедовда гол уруш учун ажойиб имконият бўлди. Лекин Одилнинг зарбаси Мелзиддиновга тегиб қайтди. Акс ҳолда, бу зарбани қайтариш Нестеровга насиб этмаслиги тайин эди. Шундай қилиб, ўйин охиригача ҳисоб очилмади. Жамоалар "Пахтакор" мезбонлик қилган баҳсда яна бир дурангга имзо чекишди.
Ўзбекистон олий лигаси, 26-тур
"ПАХТАКОР" - "БУНЁДКОР" - 0:0
Огоҳлантиришлар: С.Жўраев, 14. Гейнрих, 17. Магдеев, 23. О.Аҳмедов, 58. Ҳайдаров, 72. Миладинович, 72. Мелзиддинов, 82.
"Пахтакор": Т.Жўраев, Суюнов, Миладинович, Исматуллаев, К.Тожиев, Шарофетдинов, О.Аҳмедов, Козак (Шихов, 88), Андреев, Магдеев (Геворкян, 79), Гейнрих.
"Бунёдкор": Нестеров, С.Жўраев (Ковалёв, 46), Исмоилов, Ғофуров, Мелзиддинов, Ҳошимов, Ҳайдаров, Хвостунов, Карпенко (Шуҳратов, 89), Манзукас, Ражабов (Кападзе, 77).
Ҳакамлар: Юсуф Ал Марзуқ (Қувайт), Исса Аламави (Иордания), Муҳаммад Ҳожа (Сингапур).
Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).